Ўзбекистонда «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилади

Тегишли ҳужжат Олий Мажлис Сенатига юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жиноят-процессуал кодекси ва «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллаб, Сенатга юборди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Лойиҳага кўра, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга киритилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ҳимоячига дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин беш сутка ичида «ҳимоя фикри»ни тақдим этиш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда. Ҳимоя фикрида айбловга муносабат, далиллар, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши сўралаётган шахслар ва бошқа фикрлар акс эттирилиши мумкин.

Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар суд муҳокамаларида тенгликни таъминлаш, судянинг иш бўйича ҳар икки томон фикри билан олдиндан танишишига имконият яратиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади, — дейилади хабарда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Ўзбекистон