Мюнхен ва Ҳамбург аэропортлари ходимлари иш ташлаш эълон қилди

Мюнхен ва Ҳамбург аэропортларида касаба уюшмаларининг ташаббуси билан 27 феврал куни икки кунлик иш ташлаш бошланди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.

Қайд этилишича, унда асосан йўловчиларнинг рейсга чиқарилишида хизмат кўрсатадиган ишчилар — ахборот-техник, аэропортлар хавфсизлик хизмати, йўловчилар назорати ва юкларни тайёрлаш бўлимлари ходимлари қатнашмоқда.

Катталиги бўйича Германияда иккинчи ўринда турадиган Мюнхен аэропортида рейсларнинг қарийб 80 фоизи бекор қилинган. Ҳамбургда аэропорт раҳбарияти парвозлар режасини сақлаб қолишга муваффақ бўлган, аммо айрим рейслар кечикиши мумкинлиги айтилган. Ҳар иккала аэропорт ҳам йўловчиларга кечиктириладиган ёки бекор қилинадиган рейслар бўйича маълумотларни кузатиб боришни сўраб, мурожаат йўллаган.

Таъкидланишича, иш ташлашлар давлат хизматчиларининг маошларини ошириш мақсадида иш берувчиларга босим қилиш учун ташкил этилган. Авиакомпаниялар ушбу музокаралар иштирокчиси ҳисобланмаса-да, йўловчилар авиачипталарини бекор қилишлари ортидан улар ҳам зарар кўради.

Жаҳон