Ўзбекистон аҳолисининг 40% га яқини пул жамғармагани маълум қилинди
Ўзбекистон аҳолисининг 39% и 2024 йилда пул жамғармаган. Бу ҳақда Марказий банкнинг Осиё тараққиёт банки кўмагида ўтказилган сўровномаси натижаларида маълум қилинди.
Тадқиқот 2025 йил январь–февраль ойларида 6 та ҳудуд (Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳри)да 1,2 минг респондент иштирокида ўтказилган.
Сўровда иштирок этганлар таркиби қуйидагича бўлган:
• яшаш жойи бўйича: қишлоқ ҳудудлари — 45%, шаҳарлар — 55%;
• ёши бўйича: 45 ёшгача — 58%, 46-60 ёш — 24%;
• жинси бўйича: аёллар — 60% эркаклар — 40%;
• таълим даражаси бўйича: олий маълумотлилар — 15%, умумий ўрта маълумотлилар — 33%, ўрта махсус маълумотлилар — 45%.
Сўров натижаларига кўра, пойтахт Тошкентда пул жамғармаганлар улуши 25% ни ташкил этган бўлса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 54% га етган.
Олий маълумотлиларга қараганда фақат 8-9-синф маълумотига эга бўлганлар орасида пул жамғармаслик кўрасаткичи юқори бўлган — 53%. Энг фаол жамғарувчилар эса талабалар бўлган.
Тадқиқотга кўра, нафақахўрларнинг 46% и ҳам ўтган йилда ҳеч қандай пул жамғармаган. Мазкур маълумотлар «Эксперт фикри» тадқиқот маркази томонидан йиғилган ва юзма-юз суҳбатлар шаклида ўтказилган.