Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берди

Сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, инфратузилмани кенгайтириш ва 200 дан ортиқ янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринга кўтарилди. 2030 йилга қадар юртимизни мазкур рейтингда дунёдаги энг илғор 50 та давлат қаторига киритиш мақсад қилинган.

Шунингдек, сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, инфратузилмани кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат раҳбари соҳадаги технологиялар шиддат билан ўзгараётганини таъкидлаб, жаҳон ва минтақадаги тенденцияларни мунтазам таҳлил қилиш, илғор ишланмаларни тезкор ўзлаштириш ва янги ташаббусларни илгари суриш зарурлигини қайд этди.

Аввало, тақдимотда замонавий ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунга қадар 24 миллион долларлик замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилди. Мавжуд кластерни кенгайтириш учун яна 70 миллион доллар йўналтириш таклиф қилинди. Қўшимча маблағлар манбалари, зарур ускуналарни олиб келиш муддатлари ҳамда Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дата-марказлар лойиҳалари бўйича ахборот берилди.

Сунъий интеллект ечимларининг самарадорлиги сифатли маълумотлар базасига бевосита боғлиқлиги таъкидланди. Шу боис, вазирлик ва идоралардаги мавжуд маълумотларни хатловдан ўтказиш, уларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, соҳалар кесимида сифатли маълумотлар тўпламларини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Жорий йилнинг ўзида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект асосида амалга ошириладиган лойиҳалар сонини 100 тадан ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, ҳуқуқий хизматлар, жамоат хавфсизлиги, экология ва геология йўналишларида ишлаб чиқилаётган ечимлар тақдим қилинди.

Бу борада IT-Park резидентлари, стартаплар ва 20 дан ортиқ сунъий интеллект лабораториялари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Жорий йилда ушбу йўналишда фаолият юритаётган резидентлар сонини 300 тага, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 2 триллион сўмга, экспортни эса 160 миллион долларга етказиш кутилмоқда.

Кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунга қадар 1,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи сунъий интеллект бўйича махсус сертификат олди. Шунингдек, 900 нафар раҳбар, 3 мингдан зиёд давлат хизматчиси, 1 минг нафар банк ходими ва 200 нафар маслаҳатчи махсус курсларда ўқитилди.

Келгуси икки йилда «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш, ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар ва кенг аҳоли қатламлари учун замонавий ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Нукус, Самарқанд, Термиз, Бухоро, Фарғона, Андижон, Гулистон ва Жиззах шаҳарларида соҳавий хакатон ва танловлар ўтказилди. «Сунъий интеллект йўналишида энг яхши стартап» танловига старт берилди. Бундай хакатонларни барча ҳудудларда ташкил этиш топширилди.

Тақдимотда сунъий интеллект соҳасидаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Маълумки, Ўзбекистон яқинда WAICO – Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Бутунжаҳон ташкилоти ташкилотига таъсисчи давлатлардан бири сифатида аъзо бўлди.

Энди мазкур ташкилотда иштирок этиш орқали илғор технологиялар, катта тил моделлари ва рақамли трансформация ечимларини мамлакатимизда жорий этиш, хорижий технологик компаниялар ва илмий муассасалар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш зарурлиги қайд этилди.

Президент мутасаддиларга ҳисоблаш қувватларини изчил ошириш, соҳаларда амалий лойиҳаларни кўпайтириш, сифатли маълумотлар базасини яратиш, иқтидорли ёшлар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Ўзбекистон