Андижонда корхона табиатга 30 млрд сўмдан ортиқ зарар етказди
Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги корхона атроф-муҳитга 30 млрд сўмдан ортиқ зарар берди, деб хабар қилди Экология вазирлиги матбуот хизмати.
Текшириш давомида корхона бугунги кунгача «Экологик оқибатлар баёноти» лойиҳасини ишлаб чиқмасдан ва давлат экологик экспертизаси ижобий хулосасини олмасдан фаолият юритаётганлиги аниқланди.
Қорхонага ажратилган кон чегараси ташқарисидаги белгиланган бўлмаган майдондан тупроқ фойдали қазилмаси ноқонуний қазиб олинганлиги ва натижада табиатга 31 млрд 921 млн 145 минг 350 сўм зарар етказган, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, корхона ҳудудини ҳамда унга туташ ҳудудларни «Яшил макон» ва «Яшил белбоғ» дастурлари доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, завод атрофида кенгбаргли дарахт турларини экиш орқали чангни ушлаб қолиш ва ҳудуднинг камида 25 фоиз қисмини кўкаламзорлаштириш талабларини белгиланган. Бироқ корхона томонидан бу талаблар бажарилмаган.
Шу билан бирга, текшириш давомида корхона томонидан 2024-йил ҳамда 2025-йилнинг дастлабки 8 ойи давомида белгиланган жойларга чиқиндилар ташланмагани, аксинча, атроф-муҳит ифлослантириб келинганлиги аниқланди.
Натижада Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, 7 млрд 769 млн 802 минг 711 сўм миқдорида компенсация тўлови ҳисобланди.
Юқоридаги ҳолатлар натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 48-моддаси, «Ер қаъри тўғрисидаги» қонуннинг 18-моддаси, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддаси ҳамда «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонуннинг 11- ва 13-моддалари талаблари бузилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди.