Ўзбекистонда бешта давлат иштирокида йирик ҳарбий ўқув машғулоти бошланди
Марказий ҳарбий округ «Каттақўрғон» полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва Озарбойжон мудофаа вазирликларининг бўлинмалари иштирокида йирик ҳарбий ўқув машғулотига старт берилди.
Таъкидланишича, бир неча кунга мўлжалланган ўқувнинг мақсади – мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш, жаҳонда тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик ва инқирозли ҳолатлар, юзага келаётган янги хавф-хатар ва таҳдидлар шароитида замонавий чақириқларга самарали қарши туришда яқин шерикчилик алоқаларини янада кучайтиришдир.
Хусусан, «Бирлик – 2025» Минтақавий биргаликдаги ўқувида иштирокчилар ҳозирги замон жанговар тажрибадан келиб чиққан ҳолда жанг олиб боришнинг энг самарали услуб ва усулларини қўллаш, узоқ масофалардаги нишонларни ишончли йўқ қила оладиган артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари, зирҳли техника ва бошқа қуролларнинг имкониятларидан фойдаланиб, қўйилган ўқув-жанговар вазифани биргаликда бажаради.
Ўқув доирасида иштирокчилар жанг олиб бориш санъатининг илғор усул ва услубларидан фойдаланган ҳолда жанговар тайёргарлик машғулотлари билан шуғулланиб, турли мусобақаларда иштирок этади.
Шунингдек, улар боқий Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиб, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишади. Бундан ташқари, Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон Республикаси мудофаа вазирларининг биринчи учрашуви ўтказилади.