Ўзбекистонда филм суратга олган хорижий кинокомпаниялар харажатлари 4 млрд сўмгача қоплаб берилади
Президент қарорига кўра, Ўзбекистонда фильм суратга олаётган хорижий кинокомпанияларга харажатларни қоплаш (rebate) миқдори оширилмоқда.

Хусусан, «Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ, иқтисодиётнинг стратегик жиҳатдан муҳим сектори сифатида туризм соҳасининг тизимли ва барқарор ривожланишини таъминлаш, ҳамда миллий туристик маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида қатор янгиликлар киритилди.
Назарда тутилган харажатлар суммаси:
• 3 млрд сўмгача бўлса – 10 фоиз;
• 3 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача бўлса – 15 фоиз;
• 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлса – 20 фоиз;
• 10 млрд сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 4 млрд сўмдан ошмаган миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Қўмита республика ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни (Rebate) мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
Шунингдек 2026 йил 1 мартдан бошлаб нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан музокаралар ўтказган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан фильмларнинг бевосита ёки билвосита Ўзбекистон Республикаси туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ўз павильонларида ёки компьютер графикаси ёрдамида) учун ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.





