Андижонда яшаш хонадонида нарколаборатория аниқланди
Андижон шаҳрида яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, наркотик моддалар тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган мазкур шахснинг уйидан «гашиш» моддаси, кристал кўринишидаги синтетик гиёҳвандлик воситаси, «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари, керак бўладиган хом-ашёлар, махсус идишлар, қадоқлашда фойдаланиладиган зип пакетлар, 4 та телефон ва 1 та ноутбук ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, мазкур ноутбукда мижозларга синтетик гиёҳванд моддаларни сотиш ва локация ташлаб бериш учун гумонланувчи томонидан бошқарилган 3 та «Телеграм бот» ҳамда уй шароитида нарколаборатория ташкил қилиш билан боғлиқ видео ва расм кўринишидаги қўлланмалар (слайдлар) мавжудлиги маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди ҳамда ашёвий далиллар экспертизага юборилди.
Тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.





