«Андижон дўпписи» ва «Сўқоқ сомсаси» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатига олинди

«Андижон дўпписи» ва «Сўқоқ сомсаси» расман географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, «Андижон дўпписи» юқори сифатли мато, нозик нақш ва ўзига хос шакли билан ажралиб туради. У Андижон ҳунармандчилик ва каштачилик анъаналарининг рамзий тимсолларидан бири ҳисобланади. Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши унинг келиб чиқиш манбасини белгилаб, маданий ва сифат жиҳатдан ҳуқуқий ҳимояни таъминлайди.

Шунингдек, Тошкент вилояти Паркент туманидаги Сўқоқ қишлоғига хос бўлган «Сўқоқ сомсаси» ҳам географик кўрсаткич мақомига эга бўлди. Таомнинг ўзгача таъми ва таркиби — фақат Сўқоқ тоғларида ўсадиган мадор ўсимлиги ёки исмалоқдан тайёрланиши ҳамда хамирининг ноёб ишлов берилиши уни ажратиб туради.

Мазкур рўйхатга олиш Тошкент вилояти адлия бошқармаси кўмагида амалга оширилган. Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказиш маҳсулотнинг ҳудудий мансублиги, тарихий илдизлари ва маданий қийматини ҳимоя қилиш имконини беради.

Маълумот учун, географик кўрсаткич — муайян ҳудудга хос сифатлар билан боғлиқ интеллектуал мулк тури ҳисобланади.

Аввалроқ Самарқанд нони ва Тухумбарак таоми ҳам шундай мақомга эга бўлган эди.

Қарорлар