Андижондаги хонадонда 4 киши ис газидан заҳарланди
Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 4 киши ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
22 октябрь куни соат тахминан 09:30 ларда Жалақудуқ туманидаги хонадонда яшовчи хонадон аъзолари ухлаб ётган вақтида хонада бўлган носоз иситиш мосламаси (котёл)дан сизиб чиққан ис газидан заҳарлангани аниқланган.
Бунинг оқибатида 4 нафар фуқаро яшаш хонадонида вафот этган. Қолган хонадон вакиллари эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келиниб, ёрдам кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.