Андижонда туннель қазиганларга суд ҳукми ўқилди

Андижонда Қирғизистонга ўтадиган ер ости туннелида контрабанда маҳсулотларини ташиганларга ҳукм ўқилди. Бу ҳақида Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

2024 йил март ойида Хонобод шаҳрининг “А. Навоий” маҳалласидан Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманидаги Бекобод қишлоғига олиб борувчи икки ер ости туннели топилган эди.

Тергов маълумотларига кўра, фуқаролар Қирғизистондан Ўзбекистонга олтин, телефон, планшет ва аксессуарларни контрабанда йўли билан олиб ўтган. Жиноий гуруҳга 1983 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси раҳбарлик қилган ва гуруҳ аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаб берган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукмига кўра, Қирғизистон фуқароси Жиноят кодексининг 182 ва 223-моддалари билан айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Уч нафар Ўзбекистон фуқароси эса 182-модда билан айбдор деб топилиб, ҳар бири 5 йилга қамалди.

Андижон