Сенат Тошкент вилояти чегарасини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди

Жами ўзгартирилаётган туман ва шаҳарлар чегараларининг ер майдони 17 359,1 гектарни ташкил этмоқда.

Фото: Repost.uz

Хабарга кўра, Сенат аъзолари Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани муҳокама қилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарлари, жумладан, вилоятнинг Ангрен ва Бекобод шаҳарлари ҳамда Қибрай ва Пискент туманлари бошқа туман ва шаҳарларда жойлашган «анклав» ҳудудларга эга. Бу ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг самарали ташкил этилиши, аҳолининг ижтимоий таъминоти ва давлат органлари билан ўзаро муносабатларини амалга ошириши, вояга етмаганларнинг таълим жараёнини назорат қилиш ҳамда уларни туман (шаҳар) даражасидаги оммавий тадбирларга жалб қилиш ва бошқа жараёнларда муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Конституцияси ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан Тошкент вилоятининг юқорида қайд этилган туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, жами ўзгартирилаётган туман ва шаҳарлар чегараларининг ер майдони 17 359,1 гектар бўлиб, шундан 10 084,8 гектари қишлоқ хўжалиги ерлари.

Натижада Тошкент вилояти маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини тартибга солиш анклав ҳудудларни тугатиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимликлари органлари томонидан ҳудуд бошқарувини янада соддалаштиришга, қолаверса, маъмурий-ҳудудий бирликларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилишига олиб келади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Янгиликлар