Хитойда Янги йилни уйда ўтказиш учун фуқароларга пул тарқатилади
Хитойнинг айрим шаҳарлари Янги йил байрами кунларида аҳолига уйда қолиш учун пул тарқата бошлади. Бу ҳақда 27 январь, чоршанба куни «Vice» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Янги йил байрамларида хитойликлар кўпинча бошқа шаҳарлардаги қариндошларига боради ва бу катта миграция оқимини вужудга келтиради. Минтақалараро катта миграция оқимига йўл қўймаслик учун баъзи Хитой шаҳарлари раҳбарлари ўз аҳолисига уйда қолиш учун пул таклиф қилмоқда.
«Бу коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун керак, айниқса, мамлакатнинг шимоли-шарқидаги янги юқумли касалликлар авж олаётган бир пайтда», — дея тушунтиради шаҳар ҳокимлиги.
Таъкидланишича, баъзи шаҳарларда байрам кунларида уйда қолиш учун минг хитой юани (155 доллар) таклиф қилинмоқда. Айрим шаҳарлар эса диққатга сазовор жойларга бепул кириш имкониятини тақдим этмоқда. Чангша шаҳар округининг туманларидан бири бу кунларда уйда қоладиганларга 30 гигабайтлик мобиль интернет, 200 та электрон китоб ва бепул ниқобларни тарқатади.
«Хитойда қишлоқ аҳолиси сифатида рўйхатдан ўтган, аммо шаҳарларда ишлайдиган тахминан 291 миллион меҳнат муҳожири бор. Улар, асосан, кам маошли ишларни бажаради ва кўплаб ижтимоий имтиёзларга эга эмас. Уларнинг кўпчилиги учун Янги йил болалар ва ота-оналари билан кўришишининг ягона имкониятидир», — қайд этади газета. Шу сабабдан ҳам, уйга боришга қарор қилганлар Хитой ҳукумати томонидан COVID-19 тестининг салбий натижасини олишлари ва 14 кунлик карантиндан ўтишлари керак.
Маълумот учун, Янги йил Хитойда энг катта ва муҳим байрамлардан биридир. Байрам 2021 йилда 12–27 февраль кунлари бўлиб ўтади. Расмий равишда хитойликлар етти кун давомида — 12–18 февраль кунлари дам олади.
Хитойда 28 январь ҳолатига кўра, 89 326 киши коронавирусга чалинган, умумий ўлимлар сони 4 636 тани ташкил этмоқда. 82 870 нафар бемор касалликдан тузалган, 1 820 киши вирусга қарши даволанмоқда.
Аввалроқ Хитойда коронавируснинг қайтадан авж олиши кузатилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Хитойда 8 ойдан бери биринчи марта COVID-19’дан ўлиш қайд этилган.