Хорижий журналист аёл Ўзбекистон ТИВ ходими у билан жинсий алоқа қилиш эвазига аккредитациядан ўтказиб беришини айтганидан шикоят қилди
Хабарга кўра, Тошкентда жойлашган «Аёллар журналистикада» коалициясининг (Нью-Йоркда жойлашган нотижорат ташкилоти) аъзоси, журналист Агнёшка Пикулицка аккредитация олиш учун ҳаракати давомида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими томонидан таъқиб қилинаётгани ва босим ўтказилаётгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда у 1 феврал куни Твиттерда ёзган.
Хабарга кўра, қонунда аккредитация қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати икки ойдан ошмаслиги белгиланган бўлсада, Ташқи ишлар вазирлиги олти ойдан сўнг унинг аризасини рад этган. Рад этиш сабаби унинг аккредитациядан ўтган нашрдан ташқари бошқа нашрларда ишлаши қилиб кўрсатилган.
«Уларга баҳона топиш учун олти ой вақт кетди. Мана менинг Ташқи ишлар вазирлиги билан бўлган муносабатларим ҳақидаги воқеа. Ўтган йили мен аккредитация олдим ва Ташқи ишлар вазирлиги менга Рустам исмли (ходимни) бириктирди. Аввалига у фойдали бўлиб туюлди, аммо тез орада у шунчаки ишдан хам кўпроқ нарсани исташи аниқ бўлди. У мени ўпмоқчи бўлди ва рад этганимга қарамай, учрашишни таклиф қилишни давом этаверди», — деди журналист.
«Хорижий журналист Агнешка Пикуличканинг шикояти бизда жуда жиддий хавотир уйғотди ва албатта, бу холатга аниқлик киритган холда уни синчковлик билан ўрганиш керак деб ҳисоблаймиз. Биз Агнешка билан эртагаёқ кўришган холда вазиятни муҳокама қилишга тайёрмиз», — деб ёзди Комил Алламжонов.
Бу ҳолат бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.