Тошкент вилоятида 25 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётган шахслар аниқланди
Бекобод туманидаги масжидлардан бирининг имом-хатиби ўз уйида ҳар куни 5 нафар болани ўқитиб, улардан ойлик тўлов сифатида 800 минг сўмдан олган. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Фото: «ЎзА»
Хабарга кўра, Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи ака-укалар ўз хонадонида жами 25 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диний сабоқ бераётгани Республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланди.
Аниқаланишича, унинг акасининг хонадонида эса 20 нафар бола ҳам яшаб, ҳам диний сабоқ олган. Бу манзилдаги болалар учун ойлик тўлов 1,5 миллион сўмни ташкил этган ҳамда мазкур шахс сабоқ бериш жараёнларига 21 ёшли ўғлини ҳам жалб қилган.
Қайд этилишича, ушбу болалар 2005–2015 йиллар оралиғида туғилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги бошланғич синф ўқувчилари ҳисобланади. Болалар орасида нафақат бекободлик, балки, қўшни Бўка туманидан, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридан ҳамда Жиззах вилоятидан келганлар ҳам бор.
Шунигдек, болалардан бири Бўка туманидаги умумий ўрта-таълим мактаби директорининг ўғли бўлиб, у 2020-2021 ўқув йилида мактабдаги дарсларда умуман қатнашмаган.
Таъкидланишича, имом-хатибнинг акаси сабоқ бериш жараёнида вазифаларни ўзлаштирмаган болаларни калтаклаб, уларни оч қолдириш билан жазолаган.
Таъкидлаш лозимки, психолог томонидан болалар билан ўтказилган суҳбатда, уларнинг кўпчилиги ота-оналарининг хоҳиш-истаклари билан ўқишга келганликларини маълум қилишган.
Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди томонидан уч нафар шахснинг ноқонуний ҳаракатлари кўриб чиқилиб, уларга Маьмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 7-8 баравари миқдорида жарима солинди.
Шунингдек, имом-хатибнинг акасига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳам тайинланди