Каттақўрғонда бедарак йўқолган қиз орадан 20 кун ўтиб топилди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Ички ишлар бўлимига зўрланганини айтиб, мурожаат қилган 2004 йилда туғилган фуқаро орадан бир ҳафта ўтиб, бедарак йўқолгани, зўрлашда айбланган фуқаролардан бири уйида вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Бедарак йўқолган каттақўрғонлик вояга етмаган қиз орадан қарийб 20 кун ўтганидан сўнг топилди, дея хабар бермоқда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, 20 январь куни Каттақўрғон шаҳрида 16 ёшли мактаб ўқувчиси П.Э.га нисбатан жинсий тажовуз қилингани ҳақида таҳририятга мурожаат келиб тушган. Қизнинг қариндошлари 10 январдан бери П.Э. бедарак кетиб, топилмаётганини маълум қилган.
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси П.Э.ни қидириш бўйича кенг қамровли тезкор қидирув тадбирлари олиб борилаётганини билдирган. 29 январь куни, вилоят ИИБ ахборот хизмати қиз топилганини маълум қилган. ИИБ вакиллари айни вақтда қизнинг соғ-саломат эканлигини билдирмоқда.
«Самарқанд вилояти Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида П.Э. Навоий вилояти ҳудудидан топилиб, уйига қайтарилди», дейилади ИИБ хабарида.
Аввалроқ Самарқандда вояга етмаган қизнинг номусига теккани гумон қилинаётган хонанда Жасур Умиров қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг Жасур Умировга қарши очилган жиноят иши ёпиқ тарзда кўрилиши маълум қилинган. Кейинчалик Тергов департаменти Жасур Умировнинг жиноят иши бўйича қўшимча маълумот берган.