Англияда 6 млндан ортиқ объект сув остида қолиши мумкин

2050 йилга бориб Англиядаги 6 миллиондан зиёд кўчмас мулк обектлари сув остида қолиши мумкин. Бу ҳақда Атроф-муҳит муҳофазаси агентлигининг ҳисоботига таяниб, The Guardian хабар берди.

Англиядаги 6,3 миллионга яқин кўчмас мулк обектлари (уйлар ва корхоналар) бир ёки бир нечта манбалар — дарёлар, денгизлар ва ер усти сувлари тошқинлари сабаб сув остида қолиши мумкин, — дейилади ҳужжатда.

Тадқиқотга кўра, иқлим ўзгариши туфайли 2050 йилга бориб сув тошқини хавфи остида бўлган уйлар ва бошқа кўчмас мулкларнинг умумий сони 8 миллионга етади.

Бошқача айтганда, аср ўрталарида Англиядаги ҳар тўртта обектдан биттаси сув тошқини хавфи мавжуд ҳудудда жойлашган бўлади, — дея таъкидланади ҳисоботда.

Олимларнинг огоҳлантиришича, жиддий сув тошқинлари мамлакат учун оғир иқтисодий оқибатларни юзага келтириши мумкин. 2016 йилдан 2019 йилгача Англия ва Уэлсдаги сув тошқинлари оқибатида кўрилган зарар турли баҳолашларга кўра, 504 миллиондан 924 миллион фунт стерлинггача бўлган.

Британияда мунтазам ёмғирлар сабаб ҳар йили кучли сув тошқинлари рўй беради. Жорий йилнинг сентябрь ойида содир бўлган сув тошқини оқибатида Англиянинг турли ҳудудларидаги 630 га яқин бино сув остида қолган.

Жаҳон