Ўзбекистон депутатлари Apple Pay ва Google Pay’ни ишга тушириш бўйича ўзгартиришларни қабул қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, шунингдек, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнлар эса замонавий рақамли тўлов тизимларини жорий этиш ва халқаро онлайн тўлов компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришни тақозо этаётгани билдирилди.
Натижада, лойиҳада Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар турларини аниқ белгилаш, шунингдек, айрим маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлаш учун хавфсизлик, халқаро стандартларга риоя этиш ва ваколатли орган талабларини бажариш каби шартларни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Ушбу ўзгартиришлар орқали халқаро тўлов тизимларини мамлакатга жалб қилиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, рақамли хизматлар бозорини кенгайтириш ҳамда фуқаролар ва сайёҳлар учун замонавий тўлов имкониятларини яратишга хизмат қилади, — деб таъкидланган мажлисда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.





