Apple Британия махсус хизматларини судга берди
Apple корпорацияси Буюк Британия ҳукумати устидан Тергов бўйича трибуналга шикоят киритди. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.
Бунга ҳукуматнинг махсус хизматларга iCloud фойдаланувчиларининг шифрланган маълумотларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш талаби сабаб бўлди.
Бир ой олдин Британия ҳукумати Appleʼдан махсус хизматларга iCloudʼга юкланадиган барча маълумотларга кириш имкониятини беришни талаб қилганди. Ҳозирда бундай имконият фақат фойдаланувчиларнинг ўзларида мавжуд бўлиб, ҳатто Appleʼнинг ўзи ҳам бу маълумотларни кўра олмайди.
Феврал ойининг охирида Apple ўзининг булутли сервисининг британиялик фойдаланувчилари учун «маълумотларнинг кенгайтирилган ҳимояси» функциясини ўчириб қўйди. Компания вазиятга изоҳ бермаган, чунки бундай сўров қабул қилинганини ошкор этишнинг ўзи жиноят ҳисобланади.
АҚШ Миллий разведкаси бошлиғи Тулси Габбард Британия ҳукуматининг мазкур талабини америкаликларнинг махфийлик ва фуқаролик эркинлиги ҳуқуқларини «яққол бузиш» деб атади. Шунингдек, у Apple атрофидаги вазият МРБ, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Американинг бошқа разведка хизматлари томонидан текширилишини эълон қилди.