Ўзбекистон АҚШнинг янги маъмурияти билан яқин ҳамкорлик ўрнатмоқчи

Ўзбекистон АҚШ билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Унга кўра, ТИВ 2025 йил якунига қадар АҚШ билан янги даврдаги стратегик шериклик алоқаларини янада чуқурлаштириш чораларини кўришга масъул бўлади.

Олий даражадаги ташрифни ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида АҚШ билан кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг дастлабки раундини ўтказиш, “C5+1” формати доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, вазирлар учрашуви, тегишли “ишчи гуруҳлар” йиғилишлари ҳамда ушбу формат ташкил топганлигининг 10 йиллик юбилей саммитини Самарқандда ўтказиш масалаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа билан Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, хусусан, Конгресс етакчи аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Америка қитъаси мамлакатларидан салоҳиятли инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, улар иштирокида турли бизнес-форумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш орқали савдо-инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш, АҚШ билан хавфсизлик ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон