Трамп АҚШ Таълим вазирлигини тугатиш тўғрисида фармон имзоламоқчи

Трамп 20 март куни вазирликни тугатиш жараёнини расман бошлайдиган фармонни имзолаши кутилмоқда. Бу ҳақда USA Today биринчилардан бўлиб хабар берди, маълумотни The Wall Street Journal ҳам тасдиқлади.

Фармон Оқ уйда расмий маросимда имзоланади. Унда бир нечта республикачи губернаторлар ва таълим масалалари бўйича комиссарлар иштирок этади.

Фармонда Трамп Таълим вазири Линда Макмэонга вазирликни тугатиш ва унинг вазифаларини штатларга топшириш бўйича барча зарур чораларни кўришни топширади. Шунингдек, ҳужжатда америкаликлар таянган хизматлар, дастурлар ва имтиёзларни узлуксиз таъминлаш талаби қўйилади.

Вазирликнинг тугатилиги Конгресс томонидан маъқулланиши талаб қилинади. Сенатда республикачилар кўпчилик овозни олиш учун яна етти демократ сенаторнинг қўллаб-қувватлаши керак, аммо бундай ёрдамга эришиш эҳтимоли жуда паст, деб ёзмоқда Reuters.

АҚШ оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Трампнинг бу фармони талабалар кредитлари ва имконияти чекланган болаларга мўлжалланган таълим дастурларига таъсир қилмайди. Аммо The Wall Street Journal таъкидлашича, Оқ уй ҳали бу каби ижтимоий дастурлар қандай сақлаб қолиниши ҳақида аниқ тушунтириш бермаган.

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Ҳаррисон Филдсга кўра, бу қарор «ота-оналар, штатлар ва жамоаларга таълимни ўз назоратига олиш имконини бериб, ўқувчиларнинг натижаларини яхшилаш» мақсадида қабул қилинмоқда.

Жаҳон