АҚШда Трамп сиёсатига қарши норозилик намойишлари ўтказилди

АҚШнинг 1,6 мингдан ортиқ нуқтасида Доналд Трамп маъмуриятининг сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Good Trouble Lives On (Яхши муаммолар давом этади) шиори остида ўтказилган ҳаракат Трампнинг иммиграция, соғлиқни сақлаш ва фуқаролик ҳуқуқларига оид сиёсатини танқид остига олди.

Қайд қилинишича, намойишлар фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячиси, собиқ конгрессмен Жон Люис хотирасига бағишланган. Тинч митинглар пайшанба куни Атланта, Ню-Ёрк, Лос-Анжелес каби йирик шаҳарларда бўлиб ўтган.

Фаоллар Трамп маъмурияти томонидан амалга оширилаётган оммавий депортациялар, соғлиқни сақлаш дастурларининг қисқартирилиши, про-палестинчиларга нисбатан босим ва фуқаролик эркинликларига таҳдидни кескин танқид қилган.

Маълумот ўрнида, Трамп томонидан илгари сурилган Оnе Big, Be Bill (Битта катта, чиройли қонун лойиҳаси) доирасида Medicare ва Medicaid дастурларидан $930 млрд қисқартирилиши кўзда тутилмоқда. Бу ўзгаришлар 17 млн америкаликни суғуртасиз қолдириши мумкинлиги айтилмоқда.

Намойишлар чоғида, шунингдек, Калифорнияда марихуана фермаларида ўтказилган рейдлар, депортация қилинган шахслар ва ноқонуний ҳибс ҳолатлари ҳам тилга олинган. Трампнинг туғилган куни муносабати билан ўтказилган ҳарбий парад ҳам норозиликларга сабаб бўлган.

Ташкилотчилар бу ҳаракатни фуқаролик жамияти ва демократик қадриятларни ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳолашди.

Жаҳон