АҚШда самолёт двигатели ёниб кетди
АҚШнинг Денвер шаҳридан Канаданинг Алберта провинциясига учаётган Boeing 737 самолётининг двигатели қуён сабаб ёниб кетди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Ҳодиса 16 апрель куни United Airlines авиакомпаниясига тегишли UА2325 рейси билан содир бўлган. Парвоздан олдин қуён самолётнинг ўнг двигателига кириб қолган. Парвоз вақтида бортда кучли портлаш ва сезиларли даражада тебраниш кузатилган. Шундан сўнг двигателда ёнғин бошланган.
Самолёт бортида 153 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган. Учувчилар 75 дақиқалик парвоздан сўнг самолётни фавқулодда қўндиришга мажбур бўлган. Носозлик ҳақида авиакомпанияга сигнал юборилган ва йўловчиларни манзилга етказиш учун бошқа самолёт тайёрланган.
Ҳайвон қандай қилиб двигатель ичига тушиб қолгани аниқ эмас. АҚШ Федерал авиация бошқармасига кўра, 2024 йилда ҳайвонлар билан боғлиқ 20 мингга яқин ҳолатдан атиги тўрттаси қуёнларга тўғри келган.