Асила Мирзаёрова Ижтимоий ҳимоя агентлиги махсус вакили бўлди

Паралимпия чемпиони Асила Мирзаёрова ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакил сифатида иш бошлади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

22 октябрь куни бўлиб ўтган тадбирда пара енгил атлетика бўйича паралимпия чемпиони Асила Мирзаёрова агентликнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакили сифатида таништирилди.

Агентлигимиз оиласига яна бир паралимпия чемпиони қизимиз келиб қўшилди. Биз Асила билан Парижда бирга ишлашни ният қилган эдик. Бугун шу ниятимиз амалга ошди: Асила Мирзаёрова агентлик махсус вакили бўлди. Агентлик оиласига хуш келибсиз, Асила! Асила жуда кучли ва ақлли қиз. Асила ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Энди бизнинг жамоамизда Диёра ва Асила каби чемпион қизларимиз бор. Мен ишонаман: биз янада кучли бўлдик ва янги юксак марраларни биргаликда забт этамиз!, деди Шаҳноза Мирзиёева.

Тадбирда сўзга чиққан паралимпияда чемпиони билдирилаётган юксак ишонч учун ўз миннатдорчилигини билдириб, агентлик махсус вакили бўлишга рози бўлганининг сабабини қуйидагича изоҳлади:

Мен учун ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус вакил сифатида иш бошлаш катта шараф ва масъулият. Бу вазифа менга ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тенг имкониятлар яратишга ўз ҳиссамни қўшиш имкониятини беради. Паралимпия спортчиси сифатида мен жисмоний ва ижтимоий тўсиқларни қандай енгишни биламан ва ҳар бир инсон жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши керак, деб ишонаман, деди у.

Қарорлар