Нукусда хизмат ўтаётган аскар 5 нафар фуқарони пичоқлади
Қорақалпоғистонда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда бир йиллик хизматни ўтаётган аскар 5 нафар фуқарони пичоқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов баёнот берди.
Маълумотларга кўра, 3 январь куни Нукусда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда хизмат ўтаётган аскар маст ҳолатда ҳарбий қисмдан чиқиб кетиб, ён атрофдаги хонадонлардан бирига кириб борган. У ердаги ошхонадан пичоқни олиб, ухлаб ётган уй эгаларига ҳужум қилган.
Аскар 5 нафар фуқарони пичоқлаб, уларга турли даражада жароҳат етказган. Жабрланувчиларнинг бири вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс ушланган.
Ҳозирда ҳарбий прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.