Тошкентда «Аския» бозори фаолияти вақтинча тўхтатилди

Тошкент шаҳридаги бир нечта савдо объектларида ўтказилган текширувлар натижасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг жиддий бузилиши аниқланди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Жумладан, қоидабузарликлар Мирзо Улуғбек туманидаги «Наврўз» бозорида, «Midstroy servis» объектларида, Бектемир туманидаги «Қўйлиқ» қурилиш бозорида, «Tashkent Trade Center» савдо марказида, «Абу Сахий» бозорида ҳамда Учтепа туманидаги «Фарҳод» деҳқон бозорида қайд этилди.

Шу билан бирга юқорида номлари келтирилган савдо объектларининг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилган. Хусусан, «Ўрикзор» савдо мажмуасининг тўққизта блоки ҳам электр энергиясидан узиб қўйилган.

Бундан ташқари, Яккасарой туманидаги «Аския» бозорида электр таъминоти тўлиқ узилган. Савдо объекти ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаганлиги сабабли, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, объектларда электр таъминоти тикланиши билдирилди.

Ўзбекистон