Ўзбекистонда 10 ортиқ корхона пропан нархини оширганлик учун жаримага тортилди

Рақобат қўмитаси махсус комиссияси томонидан 10 ортиқ корхона пропан нархини асоссиз оширгани сабаб жаримага тортилди.

Аниқланишича, пропан импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонида 2025 йил ноябрь-декабрь ойлари ва жорий йилнинг январь ойида пропаннинг биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш ва ҳажмларни сунъий равишда биржа савдоларига чиқармаслик натижасида пропан нархларини ошириб юборилиши ҳолати бўйича иш қўзғатилган.

Шундан сўнг, қўмита томонидан чоралар кўрилиб, пропан нархи 21% арзонлаштирилгани билдирилди.

Ўтказилган назорат тадбирлари ҳамда ишни кўриб чиқиш жараёнида ўтказилган хўжалик юритувчи субъектлар билан ўтказилган муҳокамалардан келиб чиқиб 31 та субъектлар томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги эътироф этилди, — дейилади хабарда.

Шундан, 12 та субъектлар томонидан биржа савдоларида рақобатга зид бўлган мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширганлик ҳолатлари, қолган ҳолатларда биржа савдоларида бошланғич нархларни асоссиз ошириш, маҳсулотни қонунчиликка зид равишда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотганлик ҳаракатлари содир этганлиги аниқланган.

Натижада, Қўмита Махсус комиссияси томонидан 31 та субъект томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари бузилганлиги эътироф этилиб, қонунбузилиши давридаги товар айланмасига нисбатан (28,9 млрд сўм) миқдорида молиявий жарима қўллаш ҳамда асоссиз олинган (34.1 млрд сўм) пул маблағларини Республика бюджетига йўналтириш бўйича қарор қабул қилинган.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслик тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Ўзбекистон