Швеция марказий масжидида Ўзбекистон делегацияси иштирокида халқаро семинар бўлиб ўтди

Шунингдек, улар Швеция диний пешволари билан самимий мулоқотда иштирок этдилар

Жорий йилнинг 24–25 март кунлари Швеция парламенти — Риксдагда Ўзбекистонда дин соҳасидаги вазият мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Риксдаг депутатлари, Швеция ҳукумати аъзолари, сиёсий ва эксперт доиралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, диний жамоалар ва ОАВ вакиллари, Стокгольмда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчилари — жами 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Делегация аъзолари томонидан Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, виждон эркинлиги ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли чора-тадбирларнинг самарали натижалари тақдимот қилинган.

Жумладан, «Меҳр» операцияси орқали низоли ҳудудлардан қайтарилган фуқаро ўз чиқишида мамлакатда адашган шахсларга нисбатан қўлланилаётган кечиримлилик ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш сиёсатининг амалий моҳият ҳақида сўзлаб берди.

Швеция ТИВнинг динлараро мулоқот бўйича махсус вакили, элчи Кристиан Камил ўз нутқида «Меҳр» операцияларини радикаллашув илдизига берилган кучли зарба деб атаб, Ўзбекистон тажрибаси динлараро мулоқот хавфсизликнинг энг мустаҳкам пойдевори эканини исботлаганини қайд этди.

Бундан ташқари, Швецияга ташриф доирасида Стокгольм шаҳри марказидаги «Зайд ибн Султон ал-Наҳайён» масжид-мажмуасида Ўзбекистон делегацияси ва Швеция диний пешволари ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Янги Ўзбекистондаги диний ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Ўзбекистон масжидларида мўмин-мусулмонлар учун қилинган шароитлар, турли ҳудудларда Қуръон курслари фаолият кўрсатаётгани, минтақада ягона бўлган Фатво маркази хизмат кўрсатиши, имомлар ва қориларнинг хориж сафарлари швециялик соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотгани таъкидланди.

Муфтий ҳазратлари ўз сўзи давомида Рамазон ҳайити арафасида Давлат раҳбари томонидан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий масжид-мажмуаси халқга туҳфа этилганини айтиб, мезбон давлат вакилларини мазкур муҳташам мажмуалар билан яқиндан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф этдилар.

Ўзбекистон