Рақобат қўмитаси такси хизматларига йўловчилардан олинган асоссиз тўловларни қайтариш мажбуриятини юклади
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари томонидан такси ва етказиб бериш хизматлари сифати бўйича фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақида қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ўтказилган рейд тадбирларида Давр транс сервис МЧЖга бириктирилган Нурафшон АШБ-Кучлик қўрғони-Аранча йўналишида нархларни сунъий равишда оширган ҳолда ҳайдовчилар томонидан 5000−7000 сўмгача миқдорда йўловчилардан йўл ҳақи олинаётгани аниқланган. Аслида тасдиқланган жадвалга асосан йўл ҳақи 2800 сўм бўлган.
Бухоро вилояти Когон шаҳрида 103 ва 114-йўналишларда ҳаракатланаётган Damas ҳайдовчилари йўлкира ҳақини асоссиз равишда ошириб, хизмат кўрсатган. Қатновларда лицензиясиз ва рухсат этувчи ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир қатор транспорт воситаларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Тошкент шаҳридаги Yandex Go хизмати фойдаланувчилари йўл ҳақини нақд пулда тўлашларига қарамай, илова орқали банк пластик картасидан ҳам пул ечиб олингани ҳақида билдирган. Бундан ташқари, буюртма қилинган байрам тортлари, таомлар, маиший техникаларни таксилар орқали етказишда ҳам муаммоларга дуч келишган. Яъни улар нотўғри манзилга етказилган, кечиктирилган ёки умуман етказилмаган.
Бундай қоидабузилишларга йўл қўйган ҳайдовчилар иловада блокланган, кўрсатмаган хизматлари учун тўловларни амалга оширган фуқароларга жами 1 009 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланган.
Жиззах вилоятида йўловчи Жиззах — Пахтакор йўналишида қатновни амалга оширувчи такси хизматидан норозилигини билдирган. Ўрганишлар натижасида ушбу йўналиш бўйича фуқаро тўлаган 40 минг сўмдан ортиқча олинган йўл ҳақи қайтарилиши таъминланган.
Қўмитанинг эслатишича, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларига мувофиқ, йўлкира тўлови сафар якунида таксометр кўрсаткичлари бўйича амалга оширилади.