Ливия бош штаб бошлиғи Туркияда авиаҳалокатда ҳалок бўлди

Ливия армияси штаби бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддад ва унинг делегацияси аъзолари Туркияда самолёт ҳалокатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ливия Миллий бирлик ҳукумати хабар берди.

Биз Ливия армияси Бош штаб бошлиғи Муҳаммад ал-Ҳаддад ва унга ҳамроҳ бўлганларнинг ўлими ҳақидаги хабарни олдик, — деди Бош вазир Абдулҳамид Дбейба баёнотида.

Мухаммад ал-Ҳаддад 23 декабрь куни кечқурун Анкара атрофида қулаган самолёт бортида бўлган. Генералга унинг маслаҳатчиси Муҳаммад ал-Асавий Диаб, Қуруқлик қўшинлари штаби бошлиғи генерал-лейтенант ал-Файтурий Ғариб, бригада генерали Маҳмуд ал-Кативий ҳамда Бош штаб раҳбарининг матбуот хизмати фотографи Муҳаммад Умар Аҳмад Маҳжуб ҳамроҳлик қилган.

Ливия Бош вазири Абдул Ҳамид Дбейба «фожиали ҳалокат» Ливия делегацияси «Анкарага расмий сафардан қайтиб келаётган пайтда» содир бўлганини маълум қилди. У беш нафар инсоннинг ҳалок бўлишини Ливия учун «катта йўқотиш» деб атади.

Ҳаво кемасининг парчалари Анкара вилояти Хайман туманидаги Кесиккавак қишлоғидан 2 км жанубда топилди.

Ҳозирда, Анкара Бош прокуратураси авиаҳалокат юзасидан тергов ишларини бошлади.

Жаҳон