Яккасарой туманидаги қурилиш объектида ер ўпирилиши юз берди
Мутахассислар томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмоқда

Ижтимоий тармоқларда қурилиш қувурида ер ўпирилиши тасвирланган видеолар тарқалди. Вазият юзасидан Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, Яккасарой тумани, «BETER BEST» МЧЖ қурилиш объектида мазкур ҳудуддаги канализация тармоғида содир бўлган техник носозлик оқибатида қувурга шикаст етган. Натижада ер қопламасининг қисман чўкиши ва ўпирилиши кузатилган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлиги билдирилди.
Айни вақтда вазият тўлиқ назоратга олиниб, воқеа жойида шаҳар масъул мутассадилари, тегишли коммунал хизматлар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан тезкор ўрганиш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари аниқланиб, носозликни бартараф этиш, ҳудудни хавфсиз ҳолатга келтириш ҳамда бундай ҳолатларнинг такрорланишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.





