Тошкентдаги автобусларда 2025 йилдан нақд пул қабул қилинмайди
Тошкентдаги автобусларда 2025 йил 1 январдан нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар берди.
Нақд пул орқали автобусларда ҳаракатланиш учун бекатлар ва улар яқинидаги барча тўлов қурилмалари —Paynet, MultiPay ва «Oson» инфокиосклари орқали бир марталик чипта харид қилиш керак бўлади.
«Тошшаҳартрансхизмат» йўл ҳақини тез ва арзон тўлаш учун электрон тўлов тизимларидан — транспорт карталари ва банк карталаридан фойдаланишни тавсия қилди.
Ўзбекистонда автобусларда йўл ҳақи учун нақд пулдан воз кечиб, тўлиқ электрон тўлов тизимига ўтилиши ҳақида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов октябрь ойида журналистлар билан суҳбатда маълум қилганди.
Бекатларга нақд пулга билет ёки QR код сотиб олиш имконияти яратилади. Аксарият бекатларга инфокиосклар ўрнатилади. Ҳозир бу тажриба Тошкент шаҳрида синовдан ўтказиляпти. Барча автобусларга шу QR кодларни ўқий оладиган девайслар ўрнатилади. Улар ўрнатилгач, табиийки кондукторлар ишламайди. Сабаби нақд пулни йиғиш эҳтиёжи қолмайди, деган эди вазир.