Андижонда банк мансабдори $40 минг пора билан ушланди
Республикадаги банклардан бирининг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари катта миқдорда пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, ушбу шахс кредит таъминоти учун гаровга қўйилган мулкларни аукцион ва тўғридан-тўғри сотувга чиқариш ваколатига эга бўлган ҳолда, хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахсий бойлик орттиришни мақсад қилади.
У кредит таъминоти учун гаровга қўйилган, Асака туманида жойлашган, умумий баҳоси 16,8 млрд сўмлик хусусий даволаш марказининг 4 қаватли биноси аукцион савдо платформасида сотувдан қайтганлигидан фойдаланиб, унинг нархини 12 млрд сўмга туширган ҳолда, банк ташкилоти ҳисобига олиб, маҳаллий тадбиркорга аукцион савдоларисиз 7 йил муддатга фоизсиз кредит ҳисобидан олиб бериш эвазига 90 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда ушбу мансабдор шахс 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





