Зарафшон шаҳри таркибига қарийб 2,5 минг гектар ер майдони ўтказилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги туманлар чегараларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаларини маъқуллади, деб хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Мажлисда «Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги палата қарори лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Таъкидланганишича, чегараларга киритилаётган ўзгартиришлар билан Навоий вилояти Томди туманидан 2 459 гектар ер майдони Зарафшон шаҳри таркибига ўтказилиши белгиланмоқда.
Хусусан, Зарафшон шаҳрининг истиқболли режаси ишлаб чиқилиб, уй-жойлар, саноат, ижтимоий соҳа ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Жумладан, узоқ муддатли бизнес-режага асосан ҳудудда 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этиш режалаштирилган.
Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, шунингдек, халқ депутатлари Зарафшон шаҳри ва Томди тумани Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.
Мазкур масала юзасидан қарор лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.





