Etihad Airways авиакомпанияси Тошкент – Абу-Даби – Тошкент йўналиши бўйича авиақатновларни йўлга қўяди

Etihad Airways авиакомпанияси 17 августдан бошлаб Ўзбекистонга мунтазам рейсларни йўлга қўяди, деб Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу келишувга транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда Etihad Airways авиакомпанияси бош операцион директори капитан Мажед Ал-Марзуки билан бўлиб ўтган учрашувда эришилган.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасидаги авиақатновларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этишди.

Хусусан, учрашувда Etihad Airways авиакомпаниясининг Ўзбекистонга мунтазам қатновларни йўлга қўйиш ҳамда босқичма-босқич йўналишлар тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Музокаралар якунига кўра, жорий йил 17-августидан эътиборан Etihad Airways томонидан Тошкент – Абу Даби – Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган.

Ўзбекистон ҳамда БАА пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг тикланиши Ўзбекистонлик йўловчиларнинг Etihad Airways нинг кенг кўламли йўналишлар тармоғидан фойдаланиш, Абу-Даби орқали қулай уланишлар билан Европа, Осиё, Австралия, Африка ва Шимолий Америкадаги 70 дан ортиқ халқаро йўналишларга учиш имконини бериши таъкидланди.

Ўзбекистон