Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси бозори географиясини кенгайтириш белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев ташқи меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, фуқароларни хориждаги юқори даромадли иш ўринларига тайёрлаш ва уларни ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, бугунги кунда юртдошлар 40 га яқин давлатда меҳнат қилмоқда, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг сони 1,2 миллион нафарни ташкил этмоқда.

Европа ва Шарқий Осиёнинг ривожланган давлатларида малакали ишчи кучига эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Шу боис, ташқи меҳнат миграцияси бозори географиясини кенгайтириш, айниқса, юқори даромадли меҳнат бозорларига чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланган, — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бугунги кунда хориждан тил ва касб талабларига жавоб берадиган 100 мингдан ортиқ малакали мутахассисга буюртмалар келиб тушган. Жумладан, Германияга 40 минг ҳамшира, Японияга 15 минг қурилиш, логистика ва сервис соҳалари мутахассислари зарур.

Тақдимотда миграцияни тартибли ташкил этишнинг янги молиявий механизмлари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, чет тилини ўрганиш харажатларининг 50 фоизини, касбий малака имтиҳони харажатларини эса тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш, бунда маблағларни ўқув марказларига эмас, фуқароларнинг ўзига бериш таклиф қилинди.

Шунингдек, чет элда ишга жойлашган ҳар бир ишчи учун хорижий иш берувчи ва рекрутинг компанияларни рағбатлантиришнинг янги тартиби кўриб чиқилди.

«Хорижда иш» миграция платформасини янада такомиллаштириш, унга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали иш берувчилар ва аҳоли учун енгиллик ҳамда қулайлик яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари Миграция агентлиги фаолияти фақат ташқи меҳнат миграцияси билан чекланиб қолмасдан, ички меҳнат бозорини сифатли кадрлар билан таъминлашга ҳам хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон