Ўзбекистонда солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жазо кучайтирилди
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар белгиланди.

Хусусан, фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса:
• базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима;
• ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
• ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш;
• ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш: такроран ва кўп миқдорда содир этилган бўлса:
• базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима;
• ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
• ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш;
• ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса:
• базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима;
• ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жумладан, қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Агар биринчи марта жиноят содир этган шахс солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини терговга қадар текширув, тергов ва биринчи инстанция суди босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.
Ушбу моддада назарда тутилган солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан олти юз бараваригача, кўп миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг олти юз бараваридан минг бараваригача, жуда кўп миқдори — базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор ҳисобланади.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.





