Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳаси бўйича очиқ мулоқот бошланмоқда
Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича соҳа вакиллари, фаол ижодкорлар, тадбиркорлар ва изланувчан ёшлар билан учрашувлар мавсуми старт олмоқда.

Очиқ мулоқот ва учрашувлар президент Администрацияси вакиллари, маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида алоҳида тасдиқланган жадвал асосида 2026-йилнинг 20-25-апрель кунлари ташкил этилади.
Мулоқотлар қуйидаги асосий йўналишлар бўйича ўтказилади:
• кино;
• академик ва анъанавий ижрочилик, эстрада ва рақс;
• адабий ижод;
• композиторлар ва бастакорлар;
• театр ва цирк;
• халқ ижодиёти ва номоддий маданий мерос, аския, қизиқчилик ва стендап;
• блогер, инфлюнсер, вайнерлар;
• моддий маданий мерос, археология ва музейлар;
• тасвирий ва амалий санъат ҳамда ҳунармандчилик;
• маданият ва санъат таълими;
• болалар контенти.
Шунингдек, очиқ мулоқотлар давомида:
• соҳадаги мавжуд муаммолар очиқ муҳокама қилинади;
• амалий таклиф ва ташаббуслар қабул қилинади;
• маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган янги ғоялар кўриб чиқилади.
Қайд этилишича, энг долзарб ва амалий аҳамиятга эга таклифлар муаллифлари давлат раҳбари иштирокида ўтказиладиган йиғилишга таклиф этилади.
Мазкур очиқ мулоқотда барча фуқаролар, ижодкорлар, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда ташаббускор ёшлар иштирок этиб, ўз таклиф ва ғоялари билан қатнашиши мумкин.
Агар фуқаролар ушбу мулоқотда иштирок эта олмаса, ўз таклифлари билан Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият органларига (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармаларига) ташриф буюрган ҳолда, юқоридаги йўналишлар бўйича (жадвалда келтирилган муддатларда) онлайн иштирок этиш имкониятига эга.
Мулоқот иштирокчилари қуйидаги бот: @mv_ochiqmuloqot_bot орқали олдиндан рўйхатдан ўтишлари зарур. Бот орқали рўйхатдан ўтган фуқаролар учун ушбу жадвал асосида учрашувлар ташкил этилади.





