Тошкентда савдо ва сервис объектлари ёнидаги автотураргоҳлар ягона бошқарув тизимига уланмоқда

Тошкентда автотураргоҳларни шаҳар бошқарувининг ягона тизимига интеграция қилиш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширила бошланди.

Қайд этилишича, одамлар гавжум объектлар яқинидаги тартибсиз автотураргоҳлар асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда автомобиллар пиёдалар йўлакларида, ўтиш йўллари бўйлаб ва биноларга кириш қисмларида қўйилиб, бу ўтиш йўлларининг торайишига, кўришнинг чекланишига ва хавфсизлик даражасининг пасайишига олиб келмоқда.

Ташаббус доирасида савдо ва сервис объектлари ёнидаги хусусий ерусти автотураргоҳлари ягона шаҳар бошқарув тизимига уланмоқда. Бу автотураргоҳ ўринларининг шаффоф ҳисобини юритиш, уларнинг бандлигини назорат қилиш ва фойдаланишнинг тушунарли тизимини шакллантириш имконини беради, — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ЙҲТEМ ягона қоидаларни жорий этиб, тизимли назоратни таъминлаши ва шу орқали автотураргоҳ майдонини ташкил этишдаги бетартибликка барҳам бериши билдирилди. Лойиҳа тажриба тариқасида амалга оширилаётгани, кейинчалик унинг самарадорлиги баҳоланиб, жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра кенгайтирилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, лойиҳа амалга оширилаётган туманларнинг йўл инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириладиган қўшимча даромад манбайи шакллантириши сўзланди.

Маълум қилинишича, шаҳар фаоллиги юқори бўлган ҳудудларда автомобилларнинг 20-30% қоидабузарлик билан тўхтайди. Бунда пиёдалар йўлаклари қисман транспорт воситалари ва бошқа тўсиқлар билан банд бўлиб, бу уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини 40-60% пасайтиради.

Ўзбекистон