Андижонда 2 фуқарони гуруҳ бўлиб калтаклаганлар 3 йилга қамалди
Андижон вилоятининг Асака туманида бир гуруҳ шахслар 2 нафар фуқарони калтаклаб, оғир тан жароҳати етказди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ матбуот хизмати изоҳ берди.
Аниқланишича, Асака туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган йигит жорий йилнинг 8 июнь куни тонгги соат 04:30 ларда тумандаги «Қадрият» маҳалласи ҳудудида 2002 ва 2003 йилда туғилган шериклари билан бирга жанжал уюштирган.
Улар ўзаро келишмовчилик оқибатида 2004 йилда туғилган болани уриб, енгил тан жароҳати етказган. Шунингдек, 1997 йилда туғилган фуқарога ўртача оғир тан жароҳати етказишган, — дейилади хабарда.
Ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида фуқароларга нисбатан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчиларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Натижада, Жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди томонидан 27 август куни 3 нафар судланувчининг ҳар бирига нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.