Белградда жамоат транспорти бепул бўлади
Сербия пойтахти Белград шаҳри 2025 йил 1 январдан бошлаб барча аҳоли учун бепул жамоат транспортини таклиф қилади. Бу ҳақида Deutsche Welle хабар бермоқда.
Энди ҳеч ким чипта учун пул тўламайди, деди пойтахт мери Александр Сапич.
Ҳозирда Белградда жамоат транспорти учун чипта 90 дақиқа давомида амал қилади ва бир бекатдан бошқасига ўтиш ҳуқуқини беради, у 50 динор туради (конвертация қилинганда: 0,43 евро).
Белград жамоат транспорти тизими ўн битта трамвай линияси, саккиз троллейбус линияси ва 200 дан ортиқ автобус линияларини ўз ичига олади, деб эслатади Реутерс.
Ўтган йили Сербия пойтахтида биринчи метро линияси қурилиши бошланди. Болқондаги бошқа кўплаб йирик шаҳарлар сингари Белградда ҳам кўп сонли автомобиллар туфайли ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ жиддий муаммо бор.