Россия ҳарбий дронларни лойиҳалаш учун болалардан фойдаланаётгани маълум қилинди
Россия ҳарбий дронларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишда болалардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри суриштирув натижаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, болалар дастлаб «Берлога» номли видеоўйинда қатнашади. Ўйинда иштирокчилар «ақлли айиқлар» сифатида дронлардан фойдаланиб, «душман асаларилар»дан ҳимояланишга уринади. Ўйин натижаларига кўра, ғолибларга олий таълим муассасаларига киришда имтиёзли балл берилади.
Кейинчалик энг иқтидорли иштирокчилар Big Challenges каби мураккаб мусобақаларга йўналтирилади. Ушбу танловларда ғолиб бўлган ўқувчиларни Россиянинг мудофаа саноатида фаолият юритувчи, санкцияга учраган компаниялар танлаб олмоқда. Болалар дронларнинг турли қисмларини моделлаштириш ишларида фаол қатнашаётгани айтилмоқда.
The Insider нашрига кўра, баъзи ўқувчилар ушбу технологиялар ҳарбий мақсадларда қўлланишини билган, аммо улардан бу ҳақда очиқ гапирмаслик сўралган.
Фуқаролик мақсадларига мўлжалланган лойиҳалар сифатида тақдим этишга мажбур эдик, – деган мусобақа қатнашчиларидан бири.
Россия президенти Владимир Путин урушда тобора муҳим аҳамият касб этаётган дрон ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга чақирган. Ҳозирда Россия ҳам, Украина ҳам узоқ масофали ва FPV турдаги дронлардан кенг фойдаланмоқда.
Бироқ уруш шароитида болаларнинг ҳарбий мақсадларга йўналтирилиши ва ҳарбий объектларда уларнинг жалб этилиши кўплаб халқаро конвенцияларга зид экани таъкидланган.