Қирғизистондан тилла буюмларни ноқонуний олиб киришга уринган шахс ушланди

Қирғизистондан 5,2 млрд сўмлик тилла буюмларини ноқонуний олиб киришга уринган андижонлик шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, андижонлик фуқаро «Водил авто» чегара божхона пости орқали Фарғона вилоятига кириб келаётган вақтда тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган. Унинг уст-бошига яширилган 859 дона заргарлик буюмлари ва 1 дона қўл соати аниқланган.

Экспертиза хулосасига кўра, бриллиант тошлари билан безатилган, кимёвий таркиби олтин бўлган буюмларнинг умумий оғирлиги 4 кг 155 г бўлиб, уларнинг умумий баҳоси 5 млpд 213 млн сўмни ташкил этган.

Аниқланишича, ушбу қимматбаҳо буюмлар Андижон ва Фарғона вилоятларида яшовчи 10 нафарга яқин савдогарлар томонидан Туркиядан Қирғизистонга олиб келинган. Гумонланувчи уларни $400 эвазига божхона постидан ўтказиб бериши лозим бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда заргарлик буюмларининг эгаларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон