Ўзбекистонда 1 июлдан нималар ўзгариши маълум қилинди

1 июлдан пенсия ва нафақалар оширилади, шифокорларга устама ҳақ жорий қилинади, ногиронларга солиқ имтиёзлари автоматик тарзда берилади. Бу ҳақда Norma.uz порталида маълум қилинди.

Пенсия ва нафақалар оширилади

Ўзбекистонда пенсиялар, нафақалар ва муҳтож оилаларга бериладиган моддий ёрдам 10% га кўпайтирилади.

Қуйидаги энг кам тўлов миқдорлари белгиланди:

• ёшга доир пенсия тўловлари ойига — 918 минг сўмни ташкил этади;

• ногиронлик бўйича — 1,1 млн сўм;

• кам таъминланган оилалар учун ҳар ойлик бола нафақаси:

• уч ёшгача бўлган бола учун — 360 минг сўм,

• уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган бола учун — 275 минг сўм,

• иккинчи фарзанд учун қўшимча — 165 минг сўм ва учинчи ҳамда ундан кейинги фарзандлар учун — 110 минг сўм;

• эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам — 420 минг сўм

Пенсияни ҳисоблаш учун базавий миқдор 471 минг сўмни ташкил этади.

Шифокорлар устама ҳақ олади

Барча давлат тиббиёт муассасаларида мураккаб ва хавфли муолажаларни ўтказадиган шифокорлар учун устама ҳақ жорий этилади. Тўловлар миқдори даволашнинг мураккаблиги ва касаллик даражасига қараб маошнинг 25% идан 100% игача бўлади.

Ногиронлиги бор шахсларга солиқ имтиёзларини олиш осонлашади

Бундан буён ногиронлиги бор шахсларга солиқ имтиёзлари сўровсиз, автоматик тарзда тақдим этилади.

Чегарадан машинада ўтаётганда ОSAGO талаб қилинади

Чегарани кесиб ўтувчи автомобиллар учун мажбурий фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси жорий этилмоқда. Полис божхона ахборот тизимлари орқали расмийлаштирилиши мумкин бўлади. Чет элда рўйхатдан ўтказилган машиналар фақат суғурта полиси мавжуд бўлгандагина расмийлаштирилади.

Тадбиркорлик фаолияти учун шароитлар яхшиланмоқда

2028 йил 1 январгача кичик ва ўрта бизнес учун янги мажбуриятлар киритишни кўзда тутувчи меъёрий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий жорий этилади. Бунда янги талабларни киритувчи ёки мавжуд талабларни кучайтирувчи ҳужжатларга нисбатан «ягона санадан бошлаб янги қоидалар» тамойили қўлланилади — бундай меъёрлар 1 январдан ёки 1 июлдан кучга киради.

Кўрсатилган санагача «биринчи имконият» тамойили ҳам жорий этилади. Унга кўра, фаолиятининг дастлабки йилида савдо ва тадбиркорлик соҳасида илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган кичик бизнес субъектлари жавобгарликдан озод қилинади.

Давлат вазифаларининг бир қисми хусусий секторга ўтказилади

Бу қуйидагиларни ўз ичига олади:

• риэлторлар ва баҳоловчилар учун малака имтиҳонларини ўтказиш;

• суд бошқарувчиларига гувоҳномалар бериш;

• баҳоловчиларга тоифалар бериш;

• ҳисоблагичларни текшириш;

• карантин остидаги маҳсулотларни фумигация қилиш;

• гидлар, экскурсия раҳбарлари ва йўриқчи-йўл бошловчиларга сертификатлар бериш;

• тиббиёт муассасаларини аккредитациядан ўтказиш.

Улушдорларни ҳимоя қилишнинг янги чоралари жорий этилмоқда

Энди қурувчилар, пудратчилар ва девелоперлар фуқаролардан пул маблағларини фақат кадастр органларида рўйхатдан ўтказилган, нотариал тасдиқланган улушли иштирок этиш шартномаси асосида қабул қилишлари мумкин бўлади.

ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинади

Йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатганлик учун қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз бекор қилинади.

Ўзбекистон