Юридик университет қошидаги академик лицей битирувчилари суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади

Юридик университет ҳузуридаги лицей битирувчилари «юриспруденция» йўналишига тестларсиз, суҳбат асосида қабул қилинади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини «юриспруденция» йўналиши мавжуд олий таълим ташкилотларига суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Ушбу тартиб 2023/2024 ва 2024/2025-ўқув йилларида ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейларга қабул қилинган ўқувчиларга нисбатан қўлланилади.

Битирувчилар 20 июнга қадар олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига суҳбат асосида ўқишга тавсия этилишга ариза топширишлари лозим. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

• хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификат;

• шахсий ютуқлар ва лицейнинг ижтимоий ҳаётидаги фаолликни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Суҳбат ҳар йили 1 июлгача ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан ўтказилади ва 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Абитуриентлар суҳбатда максимал баллнинг камида 56 фоизини тўплаши талаб этилади. Суҳбатга келмаган ёки етарли балл тўплай олмаганлар ўқишга қабул қилинмайди.

ОТМ ректорлари томонидан абитуриентларни ўқишга тавсия этиш ҳақидаги буйруқлар 10 августга қадар эълон қилинади.

Қарорлар