Покистонда ўғирлаб кетилган автобус йўловчилари ўқ излари билан топилди

Покистоннинг Балоҳистон вилоятида қуролланган шахслар бир нечта автобусларни тўхтатиб, йўловчиларни мажбуран олиб чиқиб кетган ва улардан тўққиз нафарини ўлдирган. Бу ҳақда манбаларга таяниб Al Jazeera хабар берди.

Вилоят ҳукумати вакили Шаҳид Ринднинг 11 июль куни берган маълумотига кўра, ҳодиса пайшанба куни кечқурун содир бўлган. Автобуслар Балочистондан Панжоб вилоятига йўл олган бўлган. Расмийларнинг маълум қилишича, қурбонлар Панжоблик бўлгани сабабли нишонга олингани эҳтимоли бор. Уларнинг жасадлари ўқ излари билан тоғли ҳудуддан топилган.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва ички ишлар вазири Моҳсин Нақвий воқеани тасдиқлаб, қаттиқ қоралади. Шариф бу ҳужумни «Ҳиндистон томонидан қўллаб-қувватланаётган террорчилар томонидан амалга оширилган очиқ террорчилик ҳаракати» деб атаб, бегуноҳ инсонлар қони учун жавобгарлик бўлишини таъкидлаган.

Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган. Бироқ бунга ўхшаш аввалги воқеаларда сепаратистик Балоҳистон Озодлик Армияси (BLA) иштирок этгани маълум. Гуруҳ авваллари ҳам Панжоблик йўловчиларга қарши ҳужумлар уюштирган.

BLA – Афғонистон ва Эрон билан чегарадош, табиий бойликларга бой Балоҳистон ҳудудида ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб бораётган энг фаол сепаратист гуруҳлардан биридир. Гуруҳ Покистон марказий ҳукуматини минтақа ресурсларини Панжоб фойдасига эксплуатация қилаётганликда айблаб келади.

Жаҳон