Боғча тўловини амалга оширишнинг янги тизими яратилади

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини рақамлаштириш ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди.

Ҳужжатга кўра, 2025-йил 1-февралга қадар Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш” ахборот тизимини “Болалар боғчаси” ахборот тизими негизида ўзаро бирлашуви ҳамда уларнинг “ягона дарча” тамойили асосида фаолият юритиши таъминланади.

“Болалар боғчаси” ахборот тизимида барча давлат МТТ ходим ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш, иш вақти табелини шакллантириш, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини натура шаклида ҳисоблаш, болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади.

Бу 2025-йил 1-февралдан бошлаб Тошкент шаҳрида тажриба-синови тариқасида, 2025-йил 1-июлдан бошлаб эса барча давлат МТТларида амалга оширилади.

2025-йил 1-июлдан бошлаб ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловлар ҳақидаги маълумотлар “Болалар боғчаси” ахборот тизимида автоматик тарзда қайд этилади. Тўловларни фискал белгила эга касса чекини расмийлаштирмасдан қабул қилиш тақиқланади.

Ота-оналар тўловлари қабул қилингани тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Болалар боғчаси” ахборот тизими орқали солиқ органларининг ахборот тизимига тақдим этилади ҳамда ушбу маълумотлар қонунчиликка мувофиқ даромад солиғидан имтиёз қўлланилишига асос бўлади.

“Болалар боғчаси” ахборот тизимига хизмат кўрсатиш, уни қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни Uzinfocom МЧЖ тизим оператори амалга оширади, бунда кўрсатилган хизматлар учун ота-оналар бадалининг 2 фоизи йўналтирилади.

Аввалроқ, камбағал оила фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли қабул қилиниши ҳақида хабар берган эдик.

Қарорлар