2025 йилдан камбағал оила фарзандларининг боғча тўловлари қисман қоплаб берилади
Янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев жума куни ижтимоий ҳимоя соҳаси бўйича ўтказган йиғилишида маълум қилди.
Унга кўра, 2025 йилдан бошлаб оилавий боғча ўринларининг 15 фоизи камбағал оила фарзандлари учун ажратилади ва уларга боғча тўлови қисман қоплаб берилади.
Шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага келгуси йили камбағаллик даражаси юқори бўлган мингта маҳаллада биттадан оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.
Тойлоқ ва Косонсойда «Илк ривожланиш марказлари» очилиб, камбағал оиладаги ва ногиронлиги бўлган 4 минг 200 нафар болага боғча таълими берилган. Вилоят ҳокимларига ўзидаги ҳар бир туманда биттадан шундай тажрибани ташкил қилиш топширилди.
Бундан ташқари, камбағал оила фарзандларини чет тили, ИТ ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Мутасаддиларга 1 мартгача тўгараклар очиб, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитишни бошлаш топширилди. Тўгарак харажати 80 фоизгача буджетдан қопланади.
Президент камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлигини таъкидлади. Олийгоҳ ректорлари ҳам камбағал оиладан жами 4 минг нафар ёшларни ўқитишга бош-қош бўлади. Вазир Конгратбай Шариповга бу борада тегишли топшириқлар берилди.