Ўзбекистонда боғлар ва ботаника боғларини хусусийлаштириш тақиқланади
Олий Мажлис Сенати 20 февраль куни бўлиб ўтган мажлисда ер участкаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ҳужжат билан ер участкаларидан рухсат этилган тарзда фойдаланиш турларини жорий этиш, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш, уларнинг ҳудудларини қисқартириш, ушбу ҳудудларда бино ва иншоотлар қуриш белгиланмоқда.
Ушбу тақиқларни бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни, ботаника боғларини муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритишни, уларнинг хусусийлаштирилишини ва ҳудудларида қурилишлар амалга оширилишини тақиқлашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ер кодекси алоҳида боб билан тўлдирилмоқда. Ер участкаларидан рухсат этилган тарзда фойдаланиш тизимини жорий этиш, уларни белгилаш ва ўзгартириш тартиби белгиланмоқда.