Божхонада шахс, транспорт ва товарнинг хавф даражаларига кўра назорат йўлаклари жорий этилади

Ўзбекистонда энди товар, транспорт воситалари, шахсларнинг хавф даражаларига кўра божхона назорати шакллари қўлланади. Бу 25 март куни президентнинг «Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорида белгиланган.

Қарорга асосан, товарлар расмийлаштируви жараёнида божхона органларининг «Хавфларни бошқариш» ахборот тизими қуйидаги йўлаклар кесимида товар, транспорт воситалари, шахсларнинг хавф даражалари ҳамда уларга нисбатан қўлланиладиган божхона назорати шакллари ва ҳажмини белгилайди:

• Яшил йўлакда хавф даражаси паст белгиланади ва божхона назорати шакллари қўлланилмайди (товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати бундан мустасно). Бунда «яшил» йўлакка йўналтирилган товарлар автоматик тарзда расмийлаштирилади;

• сариқ йўлакда хавф даражаси ўрта белгиланади ва божхона назоратининг бир ёки бир нечта шакллари қўлланилади (божхона ва шахсий кўрик бундан мустасно);

• қизил йўлакда хавф даражаси юқори белгиланади ва божхона назоратининг бир ёки бир нечта шакллари қўлланилади;

• кўк йўлакда божхона назорати шакллари товар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

2025 йил 1 октябрдан товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.

2026 йил 1 сентябрдан Божхона қўмитаси томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда барча иштирокчилар учун қулай бўлган тартиботларни, шу жумладан, логистика хизматларини ўз ичига олган ахборот платформаси жорий этилади.

Бундан ташқари, логистика учун қулай чегара ўтказиш пунктларига ёндош ҳудудларда божхона терминаллари қурилади.

Шунингдек, айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида фитосанитар хавфи паст бўлган карантин остидаги маҳсулотлар учун карантин рухсатномалари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини, озон емирувчи моддалар ва улардан ташкил топган маҳсулотларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун ветеринар рухсатномалар, мувофиқлик сертификати, гигиеник ва экологик сертификатлар 1 календарь йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба тақдим этилади.

Қарорлар